Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти

     Араб тилида ёзилган манбаларни мутолаа қилар экансиз Бухорий, Самарқандий, Шоший, Термизий, Насафий, Хоразмий, Кеший, Фарғоний, Намангоний дея танилган юзлаб, балки минглаб олимларнинг исмига ва уларнинг ёзган нодир асарларига дуч келасиз. Улар ҳақида айтилган мақтовлар, уларнинг илм даражалари ва қилган хизматларини ўқисангиз беихтиёр ана шундай зотларнинг авлоди эканингиздан фахрланасиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқларида:

    “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. “Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик” деб имом Бухорийни ва у киши бизларга қолдирган улуғ маънавий меросни асраб- авайлаш ва ўрганиш ва ёш авлод вакилларига ўргатиш борасидаги таъкидлари бугунги кунда динимиз моҳиятини тўғри тушуниш ҳамда унинг ғоя ва таълимотларини халқимизга тўғри етказишда катта аҳамият касб этади.

    Мана шуни эътиборга оли Имом Бухорий ва у кишини “Саҳиҳи Бухорий” китоблари ҳақида туркум мақолаларимизни тақдим қилмоқчимиз.

    Имом Бухорийнинг исмлари ва насаблари: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғира ибн Бардизбаҳ (бу ўша вақтдаги Бухороча исм бўлиб, унинг маъноси “деҳқон”, яъни қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи дегани) ал-Бухорий ал-Жаъфий бўлган.

     У кишининг боболари Яман Жаъфий таъсирида мусулмон бўлганлар. Шундан сўнг уларга ал-Жаъфий деб нисбат берилган. Чунки шу замонда инсонлар кимнинг таъсирида мусулмон бўлсалар, ўзларига улардан нисбат берганлар.

    Туғилишлари: Имом Бухорий ҳижрий 194 йил шаввол ойининг 13 куни - жума кунида дунёга келганлар. Гўдаклик вақтларидаёқ оталаридан етим қолганлар.

    Ибн Халликан ўзининг “Вафаётул аъён” китобида таъкидлашича, Имом Бухорий озғин, узун ҳам ва қисқа ҳам бўлмаганлар (яъни ўрта бўйли бўлганлар). Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ёшлик вақтларида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Бир куни оналари тушларида Иброҳим алайҳиссаломни кўрадилар. Иброҳим алайҳиссалом оналарига: “Сенинг кўп дуо қилганинг ва йиғиларингдан кейин Аллоҳ таоло болангнинг кўзини қайтариб берди” дейдилар. Тонг отгандан кейин, қарасалар Аллоҳ болаларининг кўзини қайтариб берган экан.

    Ҳадис илмини ўрганишлари ва ёдлаш қобилиятлари: Имом Бухорий мактабда ўн ёшлик вақтларида ҳадис ёдлашга қунт билан киришдилар. Мактабни тугатганларидан кейин, Имом Дохилий ва ундан бошқалар билан бирга юрдилар. Имом Дохилий бир куни инсонларга ҳадис ўқиб бераётиб:

    “Суфён Абу Зубайрдан ривоят қилади. У Иброҳимдан ривоят қилади” дейди.

    Имом Бухорий “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган дейдилар. Шунда Имом Дохилий Имом Бухорийни жеркиб берадилар. Имом Бухорий бўлса, аслга қайтинг дейдилар. У зот уйига кириб, ёзиб олган нарсаларига қарайдилар. сўнгра қайтиб чиқиб: “Эй бола бўлмаса қанақа!” - дейди. Имом Бухорий: “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилган”, - дейдилар. Имом Бухорийдан қаламни олиб, китобдаги хатони тузатдилар ва Имом Бухорийга: “Тўғри айтдинг”, - дейдилар.

    Имом Бухорий Дохилийга раддия берган вақтда 11 ёшда эдилар.

    Сўнгра оналари ва акалари Аҳмад билан Маккага сафар қилдилар. Ҳаж қилганларидан кейин акалари Аҳмад оналари билан Бухорога қайтдилар. Имом Бухорий ҳадис талабида у эрда қолдилар. У зот Ҳижозда олти йил яшаганлар.

    Имом Бухорий ўзларининг сафарлари ҳақида шундай деганлар:

    “Мен ҳадис илмини ўрганиш учун Шом, Жазира ва Мисрга икки маротаба, Басрага тўрт маротаба бордим. Ҳижозда олти йил яшадим. Куфа ва Бағдодга муҳаддислар билан неча марта қатнаганимнинг саноғи йўқ”.

    16 ёшга тўлганларида ибн Муборак ва Вакеънинг китобларини ёдлаганлар. Имом Бухорий 18 ёшга тўлганларида инсонлар у кишидан ҳадис ривоят қилардилар. Ҳудди шу ёшларида саҳобалар, тобеъинлар ва уларнинг сўзлари ҳақида китоб ёзганлар.

    Ҳошид ибн Исмоилдан: “Имом Бухорий ёшлик вақтларида бизлар билан устоздан дарс эшитишга борар эди. Бизлар дарсларни ёзиб олсак у ҳеч нарса ёзиб олмасди. Кунлар шу йўсинда ўтди. Биз унга: “Сен бизлар билан юрасан, лекин ҳеч нарса ёзиб олмайсан”, - дедик. Бухорий бизга 16 кундан кейин: “Сизлар менга кўп эътироз билдирдингиз. Ёзиб олганларингизни менга кўрсатинг”, - деди.

    Биз ўзимиздаги ҳадисларни кўрсатган эдик, Бухорий унга 15000 ҳадис зиёда қилиб айтди. Бухорий уларни ҳаммасини ёддан айтди. Уни ёддан айтганидан биз ёзиб олганларимиздаги хатоларни ҳам тузатиб олдик.

    У зотнинг устозлари: У зот 1000 га яқин устоздан ҳадис эшитганлар. Улардан машҳурлари:

    Имом Бухорийнинг тақволари: Имом Бухорий жуда тақводор, кам овқат тановул қиладиган инсон эдилар. Кечалари оз ухлардилар. Ҳатто бир кечада 18 маротабагача турар, ҳамда шамчироқни ёқиб зеҳнларидаги нарсаларни ёзиб қўярдилар. У зотни ҳадисдан бошқа нарса банд қилмас эди. Кечаю кундуз фақат ҳадис билан шуғулланар эдилар. У зотга раддия берувчи инсонлар билан жуда одобли тарзда гаплашар эдилар. Улардан ҳадис ривоят қилинмайдиган ровий ҳақида ҳаддан ошмасдан гапирар эдилар.

    Мисол учун, “Муҳаддислар у киши ҳақида жим бўлдилар”, деб айтардилар. У зотни зеҳнлари ҳақида кўплаб ривоятлар келган. Юқорида улардан айримларини келтирдик. У зот мужтаҳид олимлардан бўлганлар.

    Имом Бухорий мужтаҳид олимлардан бўлганлар: Бунга “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоблари мисол бўла олади. У зот китобларидаги бобларни фиқҳ бобларига мослаштириб ёзганлар. Гоҳо бир ҳадисни китобнинг турли бобларида келтирганлар. Уларнинг ҳаммасида ҳадисдан олинадиган фойдаларига ишора қилганлар. Бобларнинг таржимасида кўплаб оятлар ва ҳадисларни ҳамда саҳоба ва тобеъинларнинг сўзлари ва фатволарини келтирганлар. Бу бобларнинг фиқҳи ва далолатини баён қилиш учун олимлар китоблар ёзганлар. Бу эса “Олимлар орасида Имом Бухорий таржималарининг фиқҳи” деган сўзнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

    Ёзган китоблари:

  1. “ Қазоё ас-Саҳоба ват-Тобеъин”
  2. “Ат-Тарих ал-Кабир”
  3. Ат-Тарих ас-Сағир
  4. Ал-Қироату халфал-Имом
  5. Биррул-волидайн
  6. Холқу афъолил-ибод
  7. Китобуз-Зуъафо
  8. Рафъул ядайни фис-солаҳ
  9. Ат-Тарих ал-Авсат
  10. Ат-Тафсир ал-Кабир
  11. Ал-Жомеъ ал-Кабир
  12. Китоб ул-Ҳиба
  13. Ал-Муснад ал-Кабир
  14. Китоб ул-Ашриба
  15. Асома ас-Саҳоба
  16. Китоб ул-Ваҳдон
  17. Китоб ул-Мабсут
  18. Китоб ул-Илал
  19. Китоб ул-куно
  20. Ал адаб ал-муфрад

    Тарих китобларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ёнида, ой нури тушиб турган кечаларда ёзганлар.

    Имтиҳон қилинишлари: Имтиҳон қилинишлик солиҳларнинг суннатларидандир. Амир Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий Бухорога, Муҳаммад ибн Исмоилга одам жўнатиб, болаларига “Жомеъ”, “Тарих” ва бошқа китобларини ўқиб беришини сўради. Имом Бухорий элчига: “Мен илмни хорламайман, инсонлар эшикларига кўтариб бормайман. Агар сенда илмдан бирон нарсага ҳожат бўлса, болаларингни ҳузуримга юборгин”, - дедилар. У Имом Бухорийга яна одам юбориб, болалари учун хос мажлис қилишини, улардан бошқалар ҳозир бўлмаслигини сўради. Имом Бухорий буни ман қилиб: “Бирор кишини хосламайман”, - дедилар.

    Холид Ҳорис ибн Абу Варқў ва бошқалардан ёрдам сўради. Улар Имом Бухорийнинг мазҳаби ҳақида гапириб, уни шаҳардан чиқардилар. Имом Бухорий уларнинг ҳаққига дуоибад қилдилар. Бир ой ўтар ўтмас Тоҳирийнинг буйруғи билан шаҳарда Холидни зарарига хукм қилинди. Эшакка тескари ҳолда миндирилиб, шаҳар айлантирилди. Ҳорисни аҳволи бошқача бўлди. У аҳли оиласи билан балоланди. Васфлаб бўлмайдиган даражадаги азобларни кўрди.

    Имом Бухорий Нишопурга юзландилар. Амирнинг қаршилиги билан у йўлдан қайтдилар. Хартангга келганларида (Хартанг Самарқанддан икки фарсах узоқликдаги қишлоқ) - шу эрда рамазон ойининг охирги кечаси, шанба куни ҳуфтон намози вақтида вафот этдилар.

    Ҳайит куни, пешин намозидан кейин 256 ҳижрий йили дафн қилиндилар. 62 йил умр кўрдилар.

    Вафотларидан кейинги олимларнинг сўзлари: Олимлардан “Сидқда туғулди, гўзал ҳаёт кечирди, нурда вафот этди”, деган сўз нақл қилинган.

    Абдулвоҳид ибн Одам ат-Тувависий: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушумда кўрдим. У киши билан саҳобаларидан бир жамоа бор эди. У зот бир жойда турар эдилар. У кишига салом бердим. Саломимга жавоб қайтардилар. Мен: “Нега бу ерда турибсиз?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутуб турибман”, - дедилар. Бир неча кундан кейин Бухорийнинг вафотлари хабарини эшитдим. Сўраб - суриштирсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрган соатимда вафот этган эканлар”, - деди.

    Жомеъни қийинчилик, душмандан қўрққанда ва касаллик вақтида ўқишлик машҳур ишлардан бўлган. Бу ҳақидаги сўзлар Имом Субкий ва бошқа олимлардан ривоят қилинган.

    Бу китобни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг нафсларига нисбат берганлар.

    Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийдан ривоят қилинади:

    Мен фақиҳ Абу Зайд Марвазийдан “Бир куни Рукн ва Мақом орасида ухлаётган эдим. Тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот: “Эй Абу Зайд қачонгача Шофеъийнинг китобини ўқийсан! Мени китобимни ўқимайсанми?” - дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг китобингиз қайси?” - дедим. Шунда у зот: “Муҳаммад ибн Исмоил (яъни Бухорий)нинг Жомеъси” - дедилар.

    Имом Бухорий ҳақларида олимларнинг сўзлари: Амр ибн Фаллос: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга маълум бўлмаган ҳадис, албатта, ишончли ҳадис эмасдир”, - деди.

    Ҳофизлар тўртта: Абу Жаръа Рой шаҳрида, Муслим ибн Ҳажжож Нишопур шаҳрида, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқанд шаҳрида, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорода деганлар.

    Жомеъ ас-Саҳиҳни ёзишлари. Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги ўринда турадиган энг ишончли китоб - бу имом Бухорийнинг саҳиҳларидир.

    Имом Заҳабий “Ислом динида Имом Бухорийнинг “Жомеъ ус-саҳиҳ” китоблари Аллоҳ таолонинг китобидан кейин энг юқори ўринда турувчи ва энг афзал китобдир. Агар бир киши у китобни эшитиш учун 1000 фарсах йўл босиб келса, унинг бу келиши зое бўлмайди” деганлар.

    Бир ҳадис учун бир неча кунлар йўл босилган. Қандай қилиб ўзида бир неча минг саҳиҳ ҳадисни жамлаган китобга сафар қилинмасин. Бу китобда саҳиҳ ҳадисдан бошқаси жамланмаган.

    Китобни ёзишларига сабаб. Имом Бухорий Ишоқ ибн Роҳавийҳни хузурида эдилар. У баъзи шогирдларига: “Кошки сизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жамлаган мухтасар, саҳиҳ китоб жам қилсаларингиз!” - деди. Бу Имом Бухорийнинг қалбларига ўрнашиб қолди. Ҳадисларни жамлашни бошладилар. Бу ҳадисларни 600000 та ҳадисдан чиқариб олдилар. Китобларига фақат саҳиҳ ҳадисларни киргаздилар. Китоб узун бўлиб кетмаслиги учун саҳиҳларни баъзисини тарк қилдилар. Жомеъ китобларининг таржималарини (ҳадисларни ривоят қилган ровийларнинг таржимаи ҳолларини) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида ёзишга ҳаракат қилганлар. Ҳар бир ровийни таржимаи ҳолини ёзаётганларида икки ракат намоз ўқир эдилар. Жомеъ китобларига ҳар бир ҳадисни қўйишдан олдин ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқир эдилар. Китобни 16 йил мобайнида ёзганлар. Имом Бухорийдан: “Мен “фалончини ғийбат қилдинг” деб ҳисоб китоб қилинмаган ҳолда Аллоҳ таолога йўлиқишни истайман”, - деган сўзлари ривоят қилинган. Бу сўз у зотнинг нақадар катта тақво эгаси ва бировларни гапиришда қай даражада иффатли бўлганликларидан далолат беради.

    “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоблари кимларнинг ривояти билан етиб келган. У кишидан Жомеъ ус-саҳиҳ китобини 90000 киши эшитган.

    Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фиробрий охири эшитган ҳамда ундан ривоят қилиш кенг тарқалган. У киши имом Бухорийдан “Жомеъ ус-саҳиҳ”ни Фарабр шаҳрида икки маротаба эшитганлар.

    Абу Талҳа Мансур ибн Али ибн Қарина ал-Паздавий охирги эшитган деган фикрлар ҳам бор.

    “Ал- Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобларининг тузилиши: Имом Бухорий китобларини “Жомеъ” деб номлашларига сабаб, у ўз ичига қуйидаги бобларни олган:

  1. Ақоид боби
  2. Ҳукм боби
  3. Рақоиқ боби
  4. Таом ва шароб боби
  5. Тафсир ва Тарих ва Сияр боблари
  6. Шамоил боби
  7. Фитналар боби
  8. Маноқиб боби

    “Жомеъ ус-Саҳиҳ”ни шарҳловчиси бўлган ибн Ҳажар бу китобда такрор билан 7397 та ҳадис келган деганлар. Лекин баъзи олимлар 9082 та ҳадис келган деган. Такрорсиз келганларининг сони 2602 та ҳадис эканлиги аниқ. Китоб ўз ичига 97 та китобни олган. Мисол: “Таҳорат китоби”, “Намоз китоби” кабилар. Ҳар бир китоб бобларга бўлинган. Бобларнинг сони 3405 та.

    Китобнинг биринчи ҳадиси “Амаллар фақат ниятларга кўрадир...”деган ҳадис бўлиб, охирги ҳадис “Раҳмонга суюкли, тилда осон ва тарозида оғир келадиган сўз...”деган ҳадисдир.

    “Ал -Жомеъ ас-Саҳиҳ”га ёзилган шарҳлар:
1. “Фатҳул-Борий шарҳу Саҳиҳил-Бухорий” қозилар қозиси, ҳофизларнинг сўнггиси Абу Фазл Шиҳобуддин Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Ҳажар ал-Киноний ал- Асқалоний ал-Мисрий аш- Шофеъий.

    773 ҳижрий йил 12 шаъбон ойида Мисрда туғилганлар. Илм талабида Искандария, Шом, Ҳалаб, Ҳижоз ва Яманга борганлар. Араб тилида шеър битиш ва ёзувчиликда юксак даражага етганлар.

    У кишининг ёзган китоблари инсонлар орасида яхши қабул қилинди. Инсонлар турли шаҳарлардан зиёратларига кела бошладилар. Шухратлари кенг ёйилди, ҳатто, устозлари ва шайхлари ўзларидан олдинга қўйиб эслайдиган бўлдилар.

    852 ҳижрий сананинг 18 зулҳижжа ойида, шанба куни кечқурун Қоҳирада вафот этдилар. Қарофадаги Имом Дайламийнинг қабрлари рўпарасига дафн қилиндилар. У кишининг жанозаларига мўминлар амири, султон ва улардан бошқалар ҳам қатнашдилар. Тобутларини кўтаришда амирлар ва катта мансабдор кишилар кўп бўлган. У кишини ҳимматлари жуда баланд бўлган. Сунан Ибн Можжани тўрт мажлисда ўқиганлар. Саҳиҳи Муслимни бўлса, хотимаси билан беш мажлисда ўқиганлар. У кишининг ёзган китоблари 150 тага етиб боради. У кишининг китоблари Имом Суютийнинг китобларидан яхшироқ ва жамловчироқдир. Имом Суютийнинг китоблари сони жиҳатидан кўп бўлсада, ҳажми ва ажойиб фойдалилиги ҳамда манфаатлилиги жиҳатидан ибн Ҳажарники устунроқ туради.

    Ибн Ҳажарнинг ёзган китоблари: Ибн Ҳажарнинг ёзган китоблари ичидаги энг машҳури - “Фатҳ ул-Борий шарҳу Саҳиҳ ал-Бухорий”дир. Бу китобни тугатганларидан кейин 500 динорга зиёфат қилиб берганлар.

    У кишининг “Саҳиҳ ул-Бухорий”га бунданда каттароқ ёзган шарҳлари бор. Уни “Ҳадюс -Сарий” деб номлаганлар. Лекин уни тугата олмаганлар.

    “У кишининг ёзган китобларидан айримларини келтирамиз:

  1. Дироя фий тахрижи аҳодисул ҳидоя
  2. Таҳзибут таҳзиб
  3. Нухбатул фикр фий мусталаҳи аҳлил асар
  4. Шарҳул нухба
  5. Ийзоҳ бинукати ибн салоҳ
  6. Исобату фий тамййиз саҳоба
  7. Тахриж аҳадисул азкор

    2. "Танқиҳул ал-фозил жомеъ ус-саҳиҳ" Муаллифи: Бадриддин Муҳаммад ибн Баҳодир ибн Абдуллоҳ Заркаший.

    745 ҳижрий санада туғилганлар. Ҳофиз Бадриддин аз-Заркаший илмни Мағлатий ибн Қолиж ибн Абдуллоҳ ал-Ҳанафийдан олганлар. Ҳадис илмини эса Жамолиддин ал-Иснавийдан олганлар. Фиқҳ ва ҳадисни Исмоил ибн Умар ибн Касир ва Шиҳобиддин ал-Азраийдан олганлар.

    У кишининг Шофеъий мазҳаби фиқҳи ва Қуръон илмлари борасида ёзган китоблари бор. Унинг китобларидан машҳурлари:

  1. Рофеъийнинг китобидаги ҳадисларнинг тахрижи. У беш жуздан иборат.
  2. Саҳиҳул Бухорийга бошқа шарҳлари, уни ибн Мулқоннинг китобларидан қисқартириб олганлар ҳамда унга ўзларидан зиёда қилганлар.
  3. Шарҳу жамъул жавомеъ, икки жузлик.
  4. Шарҳул нухба
  5. Шарҳул минҳаж, икки жилдли.
  6. Минҳажнинг мухтасарининг шарҳи, бу ҳам икки жилдли.
  7. Усулул Фиқҳда “Тажрид” деган китоб ёзганлар.

    У кишининг шеърий китоблари ҳам бор.

    У киши “Жомеъ ас-саҳиҳ”га шарҳ ёзишларининг сабабини китобларининг муқаддимасида: “Мен бу китобни ёзишимдан мақсад, жомеъдаги ғариб сўзларни шарҳлашдир...”, - деб изоҳлаганлар. Шарҳларида саҳиҳдаги сўзларнинг маъноларини ҳамда грамматик қоидаларни баён қилганлар.

    Вафотлари: 794 ҳижрий санада ражаб ойининг учинчи куни бўлган.

    3. "Таълиқул масобиҳ абвабул жомеъ ас- саҳиҳ" Муаллифи: Абу Абдуллоҳ Бадриддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Умар ибн Абу Бакр ал-Қураший ал-Махзумий ал-Искандарий.

    763 ҳижрий санада туғилганлар. Илм талаб қилишликни ёшлик чоғларидан бошлаганлар. У киши ўткир фикрли, тез тушунадиган ва ёдлашлари ҳам кучли бўлган. Араб адабиётида юксак даражаларга кўтарилганлар. Наҳв, назм, наср каби илмларни жуда пухта эгаллаганлар. Бу илмлар билан бирга фиқҳ ва ундан бошқа илмларни ҳам ўргана бошлаганлар. Азҳари шарифда наҳв фанидан устозлик қилганлар. Сўнгра Искандарияга қайтганлар. Тижорат билан шуғуллана бошлаганлар. Сўнгра яна илм йўлига қайтиб, Яман шаҳарларига борганлар. Сўнгра Ҳиндистонга борганлар. Аҳмадобод шаҳрига кириб келганларида инсонлар жуда яхши кутиб олишган. Султон яшаш харажатларини ўз зиммасига олгандан сўнг, шу ерда неъматлар ичида яшаганлар.

    Ёзган китоблари:

  1. Таълиқул масобиҳ абвабул жомеъ ас- саҳиҳ
  2. Шарҳи ташил
  3. Шарҳ ул-хазражия
  4. Жавоҳир ул –буҳур
  5. ва бошқа китоблар.

    Вафотлари: 827 ҳижрий сана шаъбон ойида бўлган.

    4. "Ал-ломеъ ас- саҳиҳ фий шарҳ ил-жомеъ ас-саҳиҳ" Муаллифи: Аллома, Муҳаққиқ, Шамсиддин Муҳаммад ибн Абу Доим ибн Мусо ибн Абду Доим ибн Абдуллоҳ ан-Нуаймий (кичик Нуаймга нисбатан айтилган) ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Асқалоний ал-Бирмавий ал- Мисрий аш-Шофиъий

    763 ҳижрий сана Зулқаъда ойида туғилганлар. У зот илм талабида катта бўлдилар.

    Бурҳон ибн Жамоа ва Тожиддин ибн Фасиҳ, Бадриддин Заркаший, ибн аш- Шайхо, Сирожуддин ал-Балқийний ва Зайниддин ал-Ироқий ва бошқалардан таълим олганлар.

    У киши фиқҳ, усул ул-фиқҳ, араб тили илмларида аллома, имом бўлганлар. Бадриддин аз-Заркашийни лозим тутганлар. У кишининг ақлли шогирдларидан эдилар. У киши жуда кўп китоб ёзганлар. Китоб ҳошияларини фойдали маълумотлар билан тўлдирганлар. Китобларга чиройли тарзда таълиқлар ёзганлар. У кишининг чиройли хат билан ёзилган ажойиб фатво китоблари бор. Чиройли ахлоқ соҳиби ҳамда виқорли ва тавозеъли, камгап инсон бўлганлар.

    Ёзган китоблари:

    "Ал-ломеъ ас-саҳиҳ фий шарҳил жомеъ ас-саҳиҳ". Бу китобни имом Кармоний ва Заркашийнинг шарҳларидан қисқартириб олганлар ҳамда унда ибн Ҳажарнинг “Фатҳул Борийда”ги муқаддималаридан фойдали маълумотларни иқтибос қилиб келтирганлар.

    Усулул фиқҳ борасида “Алфийя” ёзганлар ҳамда уни шарҳлаганлар. Уни шарҳлашда Шайхлари имом Заркашийнинг китобларидан фойдаланганлар.

    “Шарҳул умда” - фиқҳ борасида ёзилган.

    “Шарҳу ломийятул афъол ибн Молик” - наҳв борасида ёзилган.

    “Манзумату фий асмои рижал” ҳамда шу китобларининг шарҳи.

    Фароиз илмида “Манзума” ёзганлар.

    831 ҳижрий сана 12 Жумадус соний ойи пайшанба куни вафот этганлар. Жума куни масжидул Ақсода у кишига жаноза ўқилган. Шайх Абу Абдуллоҳ ал-Қурашийнинг ёнларига дафн қилинганлар. Вафотларидан сўнг китоблари кенг тарқалиб кетган.

    5. "Иршадус-сарий фий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий" Муаллифи: Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдул Малик ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Қасталоний ал-Мисрий аш- Шофиъийдир.

    851 ҳижрий сана 12 Зулқаъда ойида Мисрда таваллуд топганлар. У киши Мисрда вояга етганлар. Етти ёшларида Қуръонни ёдлаб, ўқиб берар эдилар. Сўнг бошқа илмлар билан шуғуллана бошладилар. Аҳмад ибн Абдулқодир ан- Нашавийга Саҳиҳул Бухорийни тўлалигича беш мажлисда ўқиб берганлар. “Ғомрий” жоме масжидида ваъз - насиҳат қилар эдилар. У кишининг маърузаларига жуда кўпчилик тўпланар эди. Сўнгра китоб ёзиш билан шуғулланганлар. Ўзларидан кейин уммат қабул қилган китоблар қолдирганлар.

    Ёзган китоблари:

    Иршадус-Сарий Фий Шарҳи Саҳиҳ-Бухорий китоблари, унда “Фатҳул Борий” ҳамда “Шарҳул Кармоний”дан чиройли тарзда жамлаганлар.

    “Мавоҳубул ладунийя”, “Адимун назр”, “Ал-Уқуд ас-Сунния фий шарҳил муқаддиматил Жазарийя”, “Латоифул ишорат фийл ашрил қироат”.

    “Шарҳу алаъ аш-Шотибийя”. Бу китобларида ибн Жазарийдан бошқа шарҳларда учрамайдиган фойдали нарсаларни келтирганлар.

    “Машориқул Анвор ал-Музийя фий мадҳи Хойрил Барийя”. Бу китоблари Қасидаи Бурдани шарҳи бўлиб, жуда чиройли тарзда ёзилган.

    “Туҳфатус Сомеъ вал Қорий би Хотми Саҳиҳул Бухорий”.

     У киши 923 ҳижрий сана 7-Муҳаррам ойининг жума куни Қоҳирада вафот этганлар. Жума намозидан кейин Азҳар масжидида жаноза ўқилди. Уйларини ёнида бўлган ал-Айнийя мадрасасига дафн қилинганлар.

    6. "Шарҳул Кармоний ъала Саҳиҳул Бухорий" Муаллифи: Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф ибн Али ибн Абдул Карим ал-Кармоний ал-Боғдодий.

    717 ҳижрий сана жумадул охир ойининг 16 куни туғилганлар. Бошланғич таълимни оталаридан олганлар. Сўнгра Шайх Қози Аздиддиндан 12 йил дарс олганлар. Кейин бошқа шаҳарларга сафар қилганлар. Миср, Шом, Ҳижоз, Ироққа борганлар. Сўнгра ўзларига Боғдодни ватан қилганлар. 30 йил мобайнида шу ердан илмни тарқатганлар. У киши дунёга муҳаббат қўймаган. У зот мутавозеъ ҳамда илм аҳлини ҳурмат қилувчи инсон эдилар. У зот бир тепаликдан йиқилиб тушганларидан кейин, доимо ҳасса билан юрар эдилар.

    786 ҳижрий сана Муҳаррам ойининг 16 куни Маккадан қайтаётганларида вафот этдилар. Жасадлари Боғдодга олиб келинди. У зот Шайх Абу Ишоқ аш- Шеърозийнинг ёнларига дафн қилиндилар. У зот дафн қилинган жойга мақбара қурилган.

    Бу шарҳлардан бошқа шарҳлар ҳам бор. Улардан машҳурлари:

    7. Ал-Кавкаб Ад-Дарорий Фий Шарҳи Саҳиҳил-Бухорий. Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф ал-Кирмоний.

    8. Иршадус-Сарий Фий Шарҳи Саҳиҳ-Бухорий. Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Қасталоний ал-Мисрий аш-Шофиъий.

    9. Ат-Тавшиҳ Шарҳ ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ. Абдураҳмон ибн Камол Абу Бакр ал-Ҳузайлий ас-Суютий.

    10.Умдат Ал-Қорий Фий Шарҳи Саҳиҳил-Бухорий. Абу Муҳаммад Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний ал-Ҳанафий.

    11. Файзул-Борий Шарҳу Саҳиҳил-Бухорий. Муҳаммад Анваршоҳ ал- Кашмирий.

    Саҳиҳ ул Бухорийни тез ва энг кўп ўқиганлар

    Хатиб Бағдодий Саҳиҳул Бухорийни учта ўтиришда ўқиб чиққанлар. Ўзлари: “Икки кун тунда, охиргисини эса, эрталабдан кечқурингача ўқидим”, - деганлар.

    Имом Ҳофиз Заҳабий: “Бунданда тез ўқиган инсонни эшитмадим”, - деганлар.

    Ибн Ҳажардан “Сиз ҳам имом Хатиб Баъғдодий каби ўқиганмисиз дейилганда”: “Йўқ, лекин мен ўн маротабада ўқиганман. Агар узлуксиз бўлганида бундан кам бўларди”, - деганлар.

    Имом Саховий ўзларининг “аз Завъул Ломеъ” китобларида Усмон ибн Муҳаммад ибн Амр ад-Диямий аш-Шофеъий Мадинаи Мунавварага қилган сафарларида, тўрт кун мобайнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида “Саҳиҳул Бухорийни” ўқиб тугатганларини келтирганлар.

    "Иршодус Сарий" китобининг муаллифи имом Аҳмад ибн Абу Бакр Қасталоний бешта ўтиришда ўқиб тугатганлар.

    Имом Абу Бакр ибн Атийя “Саҳиҳул Бухорий”ни 700 марта ўқиб тугатганлари ривоят қилинган.

    Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қоҳирий ал-Ҳанафий ўзларининг шогирдлари ал-Бурҳин ал-Ҳалабийга “Саҳиҳул Бухорийни” 95 маротаба ўқиганларини айтган. Шогирдлари ундан кейин ҳам бир неча маротаба ўқиганларини ривоят қилади.

    Асад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд аш-Шеърозий 20 мартадан кўп ўқиганлар.

    Ал-Бурҳон ал-Ҳалабий “Саҳиҳул Бухорийни” 60 мартадан кўпроқ ўқиб тугатганлар.

    Ва бундан бошқа яна бир қанча олимлар ҳам кўп ўқиганлар. Мақоламиз узайиб кетмаслиги учун шуларни айтиш билан чекландик.

Манбалар асосида Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обиджон тайёрлади.